Янгиликлар
Янгиликлар
2025-10-12
Ижтимоий тармоқларда Жалақудуқ туманидаги Камбагʻалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлими масъул шахслари томонидан субсидия маблағларининг ўзлаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Хабарларда келтирилишича, масъул шахслар хусусий корхона раҳбари билан тил бириктириб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган 25 нафар ишсиз аёл номидан сохта ҳужжатлар расмийлаштиргани ва уларга қогʻозда 247,5 миллион сўмлик тикиш асбоб-ускуналари берилган деб кўрсатилгани, амалда эса ушбу маблағлар ўзлаштирилгани таъкидланган.
Мазкур ҳолат Андижон вилояти Камбагʻалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси томонидан алохида назоратга олинди ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўрганиш ишлари бошлаб юборилди.
Ҳозирда иш юзасидан терговгача текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Агар иддаолар тасдиқланса, айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.
Бошқарма томонидан бу каби ҳолатларга мутлақо йўл қўйилмаслиги, барча маблағлар манзилли ва мақсадли ишлатилиши қатъий назоратга олинганини маълум қиламиз.
Ўрганиш натижалари юзасидан жамоатчиликка қўшимча ахборот расмий тарзда эълон қилинади.