Янгиликлар
Янгиликлар
2025-10-03
МУНОСАБАТ
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ва айрим телеграм каналларда Жалакудук туманида жойлашган 27-сонли мактабгача таълим ташкилоти (болалар боғчаси) ходимлари дам олиш кунида мажбурий меҳнатга жалб қилингани ва муассаса биноси бузилиб, ходимлар байрам куни ҳам ишлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ушбу ҳолат юзасидан Андижон вилояти Камбагалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, Давлат меҳнат инспекцияси ва бошқа тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш натижасига кўра, ушбу мактабгача таълим муассасасида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати аниқланмади. Боғча ходимлари томонидан ҳеч қандай шикоят ва расмий мурожаат келиб тушмаган.
Шу билан бирга, боғча биносида олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари тегишли тартибда, белгиланган режалар асосида амалга оширилаётгани маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз:
🔹 Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Меҳнат кодексига мувофиқ, мажбурий меҳнат қатъиян тақиқланади;
🔹 Ҳар бир ходим фақат ўз меҳнат шартномаси асосида ва белгиланган иш вақтида фаолият олиб бориши лозим;
🔹 Мажбурий меҳнатга йўл қўйган шахслар қонун олдида жавобгар ҳисобланади.
Агар фуқароларда ушбу ёки шунга ўхшаш ҳолатлар бўйича аниқ далил ва маълумотлар мавжуд бўлса, 1236 рақами орқали Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилишларини сўраймиз.