Янгиликлар
Янгиликлар
2025-10-05
МУНОСАБАТ
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Андижон вилоятидаги қабристонларда фаолият юритувчи ишчи-ходимларга нисбатан меҳнат қонунчилиги бузилаётгани, хусусан, улар меҳнат шартномасида назарда тутилмаган турли ишларга жалб қилинётгани, ҳатто туман ҳудудидан ташқарига чиқариб ишлатилаётгани ҳақида иддаолар билдирилган.
Мазкур хабарда келтирилган ҳолатлар Андижон вилояти Камбагалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳамда Давлат меҳнат инспекцияси томонидан белгиланган тартибда назоратга олинди ҳамда жойига чиқилган ҳолда атрофлича ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижасига кўра, ушбу ишчи-ходимларга нисбатан меҳнат шартномасига зид бўлган ёки мажбурий меҳнат белгиларига эга бўлган ҳолатлар аниқланмади. Тарқалган маълумотлар тасдиқланмади.
Шу билан бирга, барча ташкилот ва муассасаларга яна бир бор эслатиб ўтамизки:
🔹 Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Меҳнат кодексига мувофиқ, мажбурий меҳнат қатъиян тақиқланади;
🔹 Ҳар бир ходим фақат меҳнат шартномасида назарда тутилган ишларни бажаришга мажбур бўлиши мумкин;
🔹 Давлат органлари ва уларнинг раҳбарлари мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
Агар келгусида мажбурий меҳнат ёки меҳнат ҳуқуқлари бузилишига доир ҳолатлар аниқланса, фуқаролардан 1236 рақами орқали Давлат меҳнат инспекциясига ёки туман (шаҳар) бандлик бўлимларига мурожаат қилишларини сўраймиз.